Gidradenit. Гидраденит.
Гидраденит [юн. hidros – тер ва aden – без] – тер безларининг (кўпинча қўлтиқ ости) йирингли яллиғланиши; стафилококклар кўзғатади. Гидраденитга терининг шикастланиши, бичилиши, диабет ва ҳ. к. сабаб бўлади. Касаллик тери остида кичик тугунча пайдо бўлишидан бошланади. Тугунча усти қизариб, оғриб туради, қўл ёки оёқ қимирлатилганда оғриқ зўраяди, ҳарорат кўтарилиши мумкин. Баъзан бир неча тугунча бир-бирига қўшилиб, каттагина жойни эгаллайди; бунда гидраденит анчага чўзилади. Бора-бора тугунча юмшаб ёрилади ва йиринг чиқа бошлайди. Гидраденит ёрилиб битгач, ўрнида чандиқ қолади. Гоҳо касаллик кайталаниши, бир бездан иккинчисига ўтиши ҳам мумкин. Беморни фақат шифокор даволайди. Антибиотиклар, физиотерапия, имунотерапия буюрилади, булар ёрдам бермаса, жарроҳлик усули қўлланилади. Гидраденитнинг олдини олиш учун озодаликка риоя қилиш, қўлтиқ остини бот-бот ювиб туриш керак.